MENU

21:17
Ahad Qayum (Abdul Ahad) - Biz sezmadik birodarlar (She'r)

Ёнимиздан шундай дарё оқиб кетди,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.
Иймон нури не дилларни ёқиб ўтди,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.

Ёлғон дунё, ёлғон яшаш ҳар бир дами,
Тирикчилик югур югур рўзғор ғами,
Бир инсонда ҳақиқатнинг экан жами,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.

Намоз деса қулоғимиз кар бўларди,
Мия тўла мол ташвиши, зар бўларди,
Такрорларди кўзни очинг дея ул зот,
Сўзларига қулоқ тутсак зўр бўларди.

Йўлимизни гуноҳлардан ҳеч тўсмадик,
Нега ҳою ҳаваслардан бахт изладик,
Кўп насиҳат қилардилар бизга устоз,
Биз сезмасдик биродарлар, биз сезмасдик.

Биз сизмасдик қора билан оқнинг фарқин,
Биз сезмасдик соф виждоннинг асл нархин,
Ҳалол ҳаром барин бизга қилса шарҳин,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.

Йиғлаб йиғлаб йўқлагайман энди қабрин,
Биз афсуски энди билдик устоз қадрин,
Ҳар юракда қурибдилар иймон қасрин,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.

Бу мусибат оғир келди барчамизга,
Даво йўқдир энди кўнгил ярамизга,
Шундай инсон яшар эди орамизда,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.

У дунёда биздан рози бўлинг устоз,
Биз ғафлатда мудрабмиза нега бироз,
Бир хокисор зот эдилар олим ҳассос,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.

Аҳад Қаюм энди шеърлар ёзар йиғлаб,
Ул устозни хотирлайман бағрим тиғлаб,
Устозларни хотирлайлик устозларни,
Бу кўнгилни оқибатга қаттиқ боғлаб.

Устоз айтган ҳар бир сўздан дил узмадик,
Ёт ғоядан, ёт маънодан сўз тузмадик,
Маърифатга чақирганда бизни устоз,
Биз сезмадик биродарлар, биз сезмадик.

Категория: Xotira va qadrlash kuni haqida she'rlar | Просмотров: 54 | Добавил: uzstarsru | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
avatar